Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2025, Тошкент вақти: 21:52

"Абадий дўстлик" ëки қарз дипломатияси?


Остона саммити иштирокчилари.
Остона саммити иштирокчилари.

16–18 июнь кунлари Остонада иккинчи Марказий Осиё–Хитой саммити бўлиб ўтди. Минтақанинг беш давлати раҳбари Хитой билан ўзаро савдо алоқаларини янада кенгайтиришни кўзда тутувчи ўнлаб шартнома ва "абадий дўстлик" битими имзолади.

Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган иккинчи Марказий Осиë-Хитой саммити Марказий Осиё ва Хитой муносабатларини институционал шаклда мустаҳкамлади – Остона саммити иштирокчилари бундай тадбирни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш ва доимий котибият ташкил қилиш бўйича келишувга эришди.

Янги формат Хитой иқтисодининг глобал экспансияси кенгайиб бораëтган бир даврда расмийлашди. Унинг иккинчи йиғинида олти давлат президентидан ташқари Хитойнинг 300 дан ошиқ йирик компанияси раҳбарлари ҳам қатнашди.

Расмий Пекин келтирган рақамларга кўра¸ жорий йилнинг биринчи беш ойида Хитой билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 40 миллиард долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,4% кўпдир.

Ўзаро савдонинг асосий қисми Хитой импортидан иборат ва бу рақамлар Марказий Осиë бозорларидаги Хитой товарлари янада кўпайганини англатади.

Остона саммитида Хитой президенти нафақат бу алоқаларни янада кенгайтириш¸ балки минтақани бошқа қудратли кучлардан ҳимоялашни ҳам ваъда қилди.

- Хитой Марказий Осиё мамлакатлари билан халқаро адолатни ҳимоя қилиш, гегемония ва куч сиёсатини рад этиш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр¸ деди ўз чиқишида Си Цзиньпин.

Саммит давомида минтақадаги беш давлат ва Хитой ўртасида умумий қиймати 17 миллиард долларлик 35 та шартнома имзоланди. Улар орасида савдо ва инвестиция¸ рақамли иқтисодиëт¸ экологик тоза энергия ва ишлаб чиқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалар¸ транспорт-логистика соҳасида минтақавий ҳаб яратиш каби келишувлар бор.

Хитой ва унга бевосита туташ Марказий Осиë ўртасидаги бундай ҳамкорликни кучайтириш Россиянинг Украинага қарши давом этаëтган уруши¸ Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий низо ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг тариф уруши фонида муҳим аҳамият касб этади.

Хитой раҳбари Трампни тилга олмай туриб¸ унинг сиëсатини танқид қилди.

- Савдо ва тариф урушларида ғолиб томон бўлмайди. Бир томонлама сиëсат¸ протекционизм ва гегемонизм эса нафақат бошқалар, балки буни қилаëтганларнинг ўзига ҳам зарар етказади.

Айрим Ғарб нашрлари Марказий Осиë-Хитой саммити иқтисоди тараққий этган Катта еттилик саммити билан айни кунда ўтказилганига эътибор қаратди. Бундан бир неча кун аввал Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан музокаралар ўтказгани ҳам кузатувчилар эътиборидан четда қолмади.

- Марказий Осиё Америка - Америка Қўшма Штатлари, Россия Федерацияси ва Хитой каби давлатлар манфаатларининг янги алоқа нуқтасига айланди. Бугунги кунда Марказий Осиё кўплаб ўйинчилар учун стратегик аҳамиятга эга¸ деди Озодлик билан суҳбатда қозоғистонлик сиёсатшунос Казбек Маигелдинов.

Жорий йил давомида минтақада бўлиб ўтган қатор олий даражали тадбирлар бу аҳамиятнинг ошиб бораëтгани тасдиғи сифатида кўрилмоқда.

Хусусан¸ апрелда Самарқандда биринчи “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити бўлиб ўтди ва унда иттифоқнинг деярли барча раҳбарлари иштирок этди. Йил давомида турли даражадаги Россия ва АҚШ делегациялари ҳам минтақага серқатнов бўлиб қолди.

Аксар кузатувчилар Хитойнинг глобал миқëсдаги роли кучайиб бораëтган ҳозирги шароитда¸ нафақат Хитой¸ балки қолган қудратли давлат ва тузилмалар ҳам Марказий Осиëга асосан бозор¸ биринчи галда¸ хомашë ва ўз товарларини сотиш бозори сифатида қизиқаëтганини айтади.

Хусусан¸ қозоғистонлик таниқли сиëсатшунос Досум Сатбаев Озодлик билан суҳбатда минтақанинг йирик ўйинчилар назарида кучайган аҳамияти¸ айнан шу жиҳат билан боғлиқ эканини таъкидлайди.

- Келинг¸ бу саммитларда қилинган баëнотлар ва қабул қилинган декларациялар мазмунига яхшилаб қараб чиқиб¸ йирик глобал ўйинчиларнинг Марказий Осиëга нега яна қизиқиб қолгани ҳақида очиқ гапирайлик. Уларни бу минтақа бир неча жиҳати билан қизиқтирмоқда. Биринчиси¸ бу минтақа улар учун хомашë манбаси. Бундай қарашни¸ европалик ë америкаликлар¸ ëхуд хитойликлар авваллари ҳам яширган эмас. Иккинчиси¸ минтақа транспорт-логистика маршрути учун муҳим.

Марказий Осиë ҳукуматлари глобал нотинчлик даврида ўз геосиëсий жойлашувига нисбатан ошган бундай эътибордан ўз манфаати учун фойдаланишга қодирми?

Сотбаев фикрича¸ бунинг жавоби биринчи галда минтақа давлатларидаги сиëсий барқарорликка боғлиқ:

- Марказий Осиë давлатлари ҳозирги вазиятда уйига совчилар серқатнов бўлиб қолган қизга ўхшайди. Куëвликка даъвогар кўп ва уларнинг ҳаммаси келинга нимадир ваъда қилаяпти. Чиндан ҳам¸ АҚШ ҳам¸ Хитой ва Европа давлатлари¸ Россия ва Ҳиндистон ҳам минтақага ҳар хил лойиҳаларга қўшилиш¸ ҳар хил инвестиция дастурлари таклиф қилмоқда. Бугунга келиб стратегик ўйинчилар учун приоритетлар ҳам ўзгарган. Ҳозир ҳамма саммитларда муҳокама қилинаëтган бош мавзулардан бири ноëб ер маъданларидир. Инвестиция нуқтаи назаридан¸ ҳозирги вазиятда минтақа давлатлари йирик инвестицион лойиҳаларни йўлга қўйиш имконига эга. Аммо бу инвесторларнинг қанча қолиши минтақа давлатларидаги ички сиëсий ва иқтисодий вазиятга боғлиқ бўлади.

Марказий Осиë-Хитой саммитининг иккинчи йиғилиши фонида бундай ҳамкорлик минтақа ва Хитой матбуоти томонидан ижобий баҳоланмоқда. Айни пайтда¸ мустақил кузатувчилар ва маҳаллий аҳоли Хитойнинг минтақа¸ хусусан¸ Ўзбекистонда ошиб бораëтган иқтисодий ва сиëсий таъсири хусусида жиддий хавотир билдирмоқда.

Хитой тақдим этаëтган улкан лойиҳаларга қўшилиш¸ ўз йирик инстраструктура лойиҳаларига Хитой молиясини жалб этиш бу мамлакатлар¸ жумладан Ўзбекистонни қарзга ботириши ҳақидаги огоҳлантирувлар аначадан бери билдирилмоқда.

Хитой иқтисодий-молиявий экспансиясининг кучайуви¸ кузатувчилар тилида “қарз дипломатияси” деб ном олган.

Расмий маълумотларга кўра¸ ўтган йили Ўзбекистонга киритилган ташқи инвестиция ва кредитларнинг 27.9 % Хитой ҳиссасига тўғри келган ва Хитой бу борада Хитой биринчиликка чиққан. Қиëс учун¸ бу рўйхатда иккинчиликда турган Россия ҳиссаси 13.2 %, учинчиликдаги Туркия ҳиссаси 6.8 % ни ташкил этган.

2025 йил июнидаги ҳолатга кўра¸ Ўзбекистон ташқи қарзи 64¸1 миллиард АҚШ долларига етган. Бу қарзнинг айнан қанчаси Хитойдан олингани ҳақида сўнгги маълумот йўқ.

Хитой билан тузилган қўшма лойиҳалар ўзини оқламаса ва даромад келтирмаса¸ Ўзбекистон ташқи қарзи янада ошиши¸ қарзни чўзиш ëки уни уни узиш учун ҳукумат Хитойнинг сиëсий ва молиявий шартларига кўнишга мажбур бўлиши айтилади.

Хитой бизнесининг Ўзбекистонда ëйилиб бораëтгани аҳолини ташвишга солмоқда.

Хусусан¸ Тошкент шаҳрида Хитой фуқаролари кўпайиб кетгани, "пойтахт ерлари хитойлик ишбилармонларга бериб юборилаётгани" ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ўтган ой кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Самарқанд вилоят, Ургут туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зуҳриддин Амонов фермерларга очиқчасига қилган таҳдид эса¸ ўзбек ерларини хитойликларга бериш яширин давлат сиëсатига айлангани ҳақидаги қўрқувларни кучайтирди.

Ўзбекистонликларни серҳосил ерларнинг маҳаллий фермерлардан зўравонларча ториб олиниб¸ хитойликларга берилишигина хавотирга солаëтгани йўқ . Улар Хитой инвестицияси билан очилаëтган компаниялардаги иш ўринларини маҳаллий аҳоли эмас, хитойликлар эгаллаëтгани¸ оқибатда Ўзбекистондаги ишсизлик ва камбағаллик янада кучайишидан ҳам қўрқувда.

Мирзиëев ҳукумати ҳозиргача бундай хавотирларга муносабат билдирган эмас. Мамлакат Кадастр агентлиги эса ерларнинг хитойликларга берилаëтгани ҳақидаги хабарларни рад этишга уринди:

- Ерларимиз чет эл фуқароларига бериб юбориляпти мазмунидаги хабарлар асоссиз ва охиригача ўрганилмасдан чиқарилган, дейилади Кадастр агентлигининг 2025 йил 6 март кунги баëнотида.

Остона саммити давомида Хитой Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари "Доимий яхши қўшничилик ва дўстона ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома" ни имзолади.

Кузатувчилар бу келишувни “абадий дўстлик" битими сифатида баҳоламоқда.


Форум

XS
SM
MD
LG